Промо
 Подписаться
Поделиться

Эксклюзивное интервью Эраш для популярной газеты Замон

“Эраш” номи остида ижод қилаётган қўшиқчи Эркин Ашрапов ўзига хос овози билан эстраданинг биз учун янги бўлган поп йўналишида ижод қилса-да, ўзига яраша мухлис ва мухлисалар орттириб улгурди.

 

– Нима учун айнан санъат соҳасини танлагансиз?

– Санъат соҳасига ёшлигимдан қизиқиб келганман. 8 ёшимда мусиқа тўгарагига қатнай бошлаганман. Пианино, рубоб ва бошқа чолғу асбобларини чалиш ўргатишарди. Турк хонандаси Тарканга ҳавас қилиб, санъатга кириб келганман.

–Нега айнан “Поп” йўналишини танлагансиз?

– Асосан эстраданинг замонавий “поп” йўналишида ижод қиламан. Лекин бир йўналиш билан чекланмайман. Яқинда мумтоз йўналишда “Мен онамни севаман” номли бир қўшиқ яратдим. Унга Дилшод Ашурматов бошчилигида клип олмоқчимиз. Рок ва Рэп услубида ҳам айтганман.

–Кўча-кўйда юрганингизда одамлар сизга қандай муносабатда бўлишади?

–Бунга ўзим ҳам эътибор бераман, ҳар ким ҳар хил муносабатда бўлади. Ҳар куни эрталаб интернет орқали ижтимоий тармоқларга кираман. “Одноклассники”, “Фейсбук”, “Контакты” ва бошқаларда турли хил СМСлар келади. Кимдир мухлисингизман, дейди, кимдир салбий муносабатда бўлади. Бозорларда келиб суратга тушишади. Баъзи кишиларнинг телефонида қўшиғимни эшитиб қоламан. Баъзилар эса машинасида эшитиб юришади. Бундай ҳолатларни кўрганда бошим кўкка етади. Баъзан ёши улуғ отахон-онахонлар тўхтатиб, овозингга овоз қўшилсин, деб астойдил дуо қилишади.

–Ижодингизни янги бошлаган пайтлар “Суман” гуруҳи номи билан чиқиш қилардингиз. Нега гуруҳ номини “Эраш” дея ўзгартирдингиз?

–Тўғри, ижодимизни янги бошлаган 2002 йилда икки дўстим–Заропов Темур ҳамда Дадабоев Акмаллар билан бирга чиқиш қилардик. Биз 2014 йилнинг ноябр ойигача “Суман” гуруҳи номи билан фаолият қилдик. Сўнгра Украинага кетиб, ўша ерда қўшиқчиликни давом эттирдик. Вақт ўтиши билан дўстларим санъатдан узоқлашишди. Гуруҳда бир ўзим қолганим учун номини ўзгартиришга қарор қилдим. “Суман” гуруҳи дейилса, якка ўзим саҳнага чиқишни ноқулай сездим ва “Эраш” деб ўзгартирдим.

–“Эраш” номи нима маънони билдиради?

–“Эраш” номини бир ой ўйлаб топганман. Исмим Эркин ва фамилиям Ашраповдан икки бош ҳарфларни олиб, “ЭРАШ” деб номладим. Сабаби кўпроқ русча қўшиқлар айтаман ва Россия ўлкаларида ҳам озми-кўпми мухлисларим борлигини биламан. Шуларни ҳам ўйлаб “Эраш” деб номладим.

–Қўшиқларингиз шеърини ким ёзади ва мусиқасини ким басталайди?

–Аввал ўзим ёзардим. Ҳозир шоир укам Ғуломжон Воситов ёзяпти. Мусиқа яратиш–оранжировка билан кўпроқ ўзим шуғулланаман. “Луис” номи билан ижод қилувчи дўстим Илҳомжон Бўриев билан “Луис продакшн” студиясида ишлаб келмоқдамиз. Устоз оранжировкачи Илҳом Ўрмонов билан ҳам ҳамкорлик қиламан.

–Қўшиқ, албом ва концертларингизга тўхталсангиз?..

–Ижодимни 2002 йилда бошлаган бўлсам, то шу вақтгача 80дан зиёд қўшиқ яратдим. 3та альбом устида ишладим. Шахсан ўзимнинг концертим илк бор 2010 йилда “Ваҳдат” студияси бошчилигида ўтказилган. Кейинги концертим 2011 йилда Ғафуров шаҳарчасида бўлди. Учинчи концертим эса 2012 йилда Истиқлол (Табошар)шаҳрида ўтди. Насиб бўлса, 2017 йилда ҳам яккахон концерт бериш ниятим бор.

 

07 апреля 2017 в 16:46 67
 
 
Теги